Tasirli hikoya o'qing

Анчадан буён Нодиранинг кўнглини турли ўй-хаёллар тинч қўймас, дард, алам кемирар, дунёдаги барча бахтсизликка ўзини сабабчидек ҳис қилар, юрганда ҳам, ўтирганда ҳам бунинг ечимини изларди. «Наҳотки унинг бахтли бўлишига йўл очиб беролмасам. Бир умр мени деб қийналиб ўтадими? Йўқ, унга бугуноқ ҳаммасини айтаман, аниқ айтаман» дерди ўзига ўзи. Ахийри ўйлай-ўйлай бир қарорга келди. Шу бугун ҳаммасини айтади. Ортиқ ичида сақлаб туролмайди. Эри уйга келиб овқатлангунча, иштаҳасини бўғмай, деб индамади.
— Мен ҳаммасига розиман, Шерзод ака, — деди сўнг ухлашдан олдин маъюс қиёфада.
Эри унинг нима демоқчилигини тушунди, аммо ўзини билмаганга олди.
— Нимани айтяпсан?..
Аёл чуқур тин олди. Мана, ўн йил бўлибдики, худо уларга фарзанд бермайди. У Шерзод билан севишиб турмуш қурган. Тўйдан кейинги дастлабки йилларда иккиласи жуда бахтли эди. Ҳозир ҳам бахтли, бироқ уни тўкис қилиб турадиган фарзанд йўқ. Нодира Шерзоднинг фарзандли бўлишини хоҳлаётгани, лекин унинг кўнглига қараб, бу ҳақда чурқ этолмаётганини ҳис қилиб туради. Эрининг бундай индамай юрганидан кўра жанжал кўтаргани, уришгани яхшироқ эди.
— Шерзод ака, розиман, мен…
— Нимага розисан, тушунмадим?
— Биласиз, мен сизни қаттиқ яхши кўраман, сиз ҳам менсиз яшолмайсиз. Мен шу меҳрнинг ҳеч қачон сўнмаслигини худодан сўраган эдим. Шукур, менга шундай бахт насиб этди. Лекин севган одамингизни бахтли кўришдан қувончлироқ нарса йўқ дунёда. Сизга ана шу бахтни беролмаяпман. Сизнинг ортиқ қийналишингизни истамайман, уйланишингиз, фарзандлар кўришингизни истайман. Йўқ, бу гапим билан мен сизни ташлаб кетаман, демоқчимасман. Доим ёнингизда бўламан, кундошим билан ҳам дугоналардек яшаймиз, ишонинг.
— Ким айтди сенга мени қийналди, деб? Нега қийналар эканман, доим ёнимдасан, менга бундан ортиқ бахт борми?! — деди Шерзод Нодирани қучоғига олиб. — Менга фақат сен фарзанд туғиб берасан: ўн йилми, йигирма йилми ёки унданам кўпроқми, бунинг аҳамияти йўқ.
Бу гаплардан сўнг Нодира титраб кетди.
— Шерзод ака, ўжарлик қилманг, илтимос. Ахир умрингиз ўтиб кетяпти, сиз тенгиларнинг фарзанди мактабга чиқай деб қолган. Сиз эса тирноққа зорсиз. Бир умр шундай яшаб бўлмайди-ку.
Хотинининг гапидан Шерзоднинг жаҳли чиқаётган бўлса ҳам, Нодиранинг кўнглига тегиб кетмаслик учун қаттиқ гапиришдан ўзини тийди. Унга маъноли, шу билан бирга, норози қаради-да:
— Йўқ, дедимми, йўқ… — дея ўрнидан туриб кетди.
Кейинги бир неча кун аёл бу ҳақда индамай юрган бўлса ҳам, барибир, яна гап очди. Аммо ҳар гал эрининг фикри ўша-ўшалигича қолаверди.
Бир куни эрталаб Шерзод катта кўчадан ишга кетаётганида яқин ўртоғининг олти ёшлардаги ўғилчасига кўзи тушди. Уни ёнига чақириб, саволга тутди:
— Қалайсан, полвон? Катта бола бўляпсанми, даданг нима қиляпти?
— Яхши. Сиз дадамни қаердан танийсиз? — деди бола қизиққонлик билан.
— Мен дадангнинг ўртоғиман.
— Ҳа… унда сизнинг ҳам менга ўхшаган ўғлингиз борми?
Шерзоднинг қўл-оёғи бўшашиб кетди. Болага бир кулиб қаради-да, йўлида давом этди. Бўйдор, гавдали, бақувват қомати чўккандек туюлди, назарида. Танасида таърифлаб бўлмас оғриқ пайдо бўлди. Наҳотки тоғдек келбатли, қанчадан-қанча ҳаёт синовларига дош берган йигитни эндигина эсини таниётган бола шу аҳволга солиб қўйган бўлса.
Кун бўйи хаёлчан, хомуш юриб, кечга томон ишдан қайтди. Унинг уйга келишга ҳам юраги безиллаб қолган. Чунки Нодира уйланишини сўраб ҳол-жонига қўймасди. Бугун ҳам шундай бўлди. Рози қилиш қўлидан келавермагач, идиш-товоқни тақир-туқур қилиб зарда қиларкан:
— Шерзод ака, умримиз ўтиб боряпти, нимани кутяпсиз ахир?! Менинг туғишимни кутсангиз, сиз қаторилар эварали бўлишади. Ота-онангиз ҳаёт бўлганларида бу аҳволда уйланмасдан юришингизга йўл қўйишмасди, — деди қатъий оҳангда.
Бу гапларни айтиш унга осон бўлмади.
— Бўлди, уйланаман, сен шунга чидайсанми?!
Эрининг бу гапидан Нодиранинг қўлидаги пиёла ерга тушиб, чил-чил бўлиб кетди. У юрак ютиб, шунча гапни айтишга айтибди-ю, жавобни эшитганда қай аҳволга тушишини тасаввур қилмабди.
— Мана бу бошқа гап, — деди ўзини қўлга олишга ҳаракат қилиб, — лекин мени фарзандли бўлганингиздан кейин ҳам ҳайдаманг, хўп. Сизнинг ёнингизда бўлай. Онамнинг уйида ортиқчаман. У уйда касалманд онам билан бир ишни эплолмайдиган акамнинг қўлига қараб қолишни хоҳламайман…
Шерзоднинг уйланганига қирқ кун бўлди. Бу муддат ичида Нодира онасиникида яшади, кейин уйига қайтди. Шерзодга ваъда берганидек, кундоши Хадича билан дугоналардек бўлиб кетишди. Хадича ҳам кўҳликкина, чиройли, хушмуомала қиз эди. Нодирага ёвқараш қилмади.
Кунлар кетидан кунлар ўтди. Ниҳоят, Хадичанинг кўзи ёриди. Нодира худди ўзи фарзандли бўлгандек суюнди. Оилада ҳамма эътибор Хадича ва унинг фарзандига қаратилди. Шерзод ҳам беихтиёр Нодирадан узоқлаша бошлади. Нодира буни табиий ҳол деб қабул қилди, чидади. У туни билан йиғлаб чиқар, худодан ўзига бардош сўрарди.
Чақалоқ бир ойлик бўлар-бўлмас, Хадичанинг онаси вафот этиб қолди. У чиллали болани азахонага олиб боришни ирим билиб, Нодирага ташлаб кетди. Чунки кундошининг болага ўз фарзандидек қарашини билар ва унга ишонарди.
Ёз фасли бўлгани учун ҳаво жуда иссиқ, уй дим. Нодира чақалоқни йўргаклаб, ҳовлига олиб чиқди. У бола билан ҳовлини айланиб юраркан, бирдан боши айланиб, кўз олди қоронғилашди, оёқ-қўлида мадор қолмади ва беихтиёр қўлидаги чақалоқ ерга тушиб кетди. Нималар бўлаётганига ақли етмай, атрофга аланг-жаланг қаради; икки қўли билан қулоқларини ёпди. У чақалоқнинг йиғи овозини эшитишни жуда кутди, секин қўлини қулоғидан олди. Аммо гўдак қимирламади ҳам, йиғламади ҳам. Дод солмоқчи бўлди, лекин одамларнинг «Кундошини кўролмай чақалоқни ўлдирибди» деб гапиришларидан қўрқди.
«Энди нима қилиш керак?» У довдираб нима қилаётганини билмас, болани кўтариб, у ёқдан-бу ёққа югурарди. Охири болани беланчакка ётқизиб, ўзи қўшнисиникига югурди.
— Адолат опа, ассалом, яхшимисиз?! Со!.. Сокина қани?! — деди у ҳаяжонланганидан гапларини йўқотиб.
— Ҳа, тинчликми, Нодирахон? Бирор нима бўлдими, рангингиз бир ҳол?
— Тинчлик, опажон, тинчлик. Шошилаётувдим. Сокина қизимга қараб турса, мен кечга азахонага бирор нима пишириб бериб юбормоқчи эдим.
— Шу чақалоққа ўзингизнинг болангиздек меҳрибонсиз-а, қойил! Илоҳим, сизга ҳам шундай фарзандлар насиб этсин, — дея қизини чақирди қўшни аёл.
Нодира эса «Илоҳим!» деди-да йиғлаб юборди. Адолат опа бу ҳолни фарзанди йўқлигидан кўнгли бўшаб кетди, деб тушуниб ортиқча эътибор бермади.
Нодира ҳали ҳеч нарсанинг фарқига бормайдиган, иккинчи синф ўқувчиси қўшни қиз Сокинани чақалоққа қараб туриш учун олиб келди.
— Сокина, шу беланчакни тебратиб туринг, қаттиқ-қаттиқ тебратсангиз ҳам майли, бола уйғонмаса бўлди. Мен ишларимни қилиб олай.
Нодира ошхонага кириб, узоқ йиғлади, кейин овқат қилиши кераклиги ёдига тушиб, сабзини арта бошлади. Қўллари қалтираганидан бармоғини кесиб ҳам олди. Қонни кўриб сесканганча югуриб айвонга чиқди. Сокина Нодира тайинлагандек беланчакни қаттиқ-қаттиқ тебратарди.
— Сокина, бола уйғонмадими?
— Йўқ, юзларидан ўпсам ҳам уйғонмади.
Нодира секин беланчакка яқинлашди ва болани қўлига олди. У нафас олмасди.
— Сокин, болани йиқитвормадингизми мабодо? У нафас олмаяпти-ку.
— Янга, нега ундай дейсиз? Мен уни йиқитмадим, балки қаттиқ тебратганимга қўрққандир ё қорни очгандир.
Бирпасда Нодиранинг бақир-чақиридан қўшнилар тўпланди. “Чиқмаган жондан умид” деб «Тез ёрдам» чақиришди.
— Йигирма кунлик чақалоқни қайси ақл билан беланчакка солибди, аҳмоқми бу?! — дейишарди қўшни аёллар.
— Фарзандсиз бўлганидан кейин қаерданам билсин бешикка белашни?
Сокинанинг онаси ҳамма гап қизининг бўйнига қолиб кетишидан ташвишланиб, уларнинг фикрига қўшилган бўлди.
Бу орада Хадича ва Шерзод етиб келишди. Ҳамма чақалоқ билан овора. Шерзод нима бўлганини билиш учун “Тез ёрдам” машинасида келган врач олдига борди. У боланинг бир ярим соат олдин беланчакдан йиқилиб эмас, жони икки соат олдин чиққанини айтди. Шерзод врачдан одамларга болани беланчакда қаттиқ тебратганлари ва бундан у қўрқиб ўлиб қолган, деб айтишини илтимос қилди. Чунки юраги барчасига Нодира айбдор эканини айтиб турарди, бироқ хотинининг маломатга қолишини истамади.
Ҳовлининг устунига суянганича, Шерзоднинг нигоҳини ҳолсизгина кузатиб турган Нодира бирдан ҳушидан кетиб йиқилди. Шундоғам онасининг, ҳам боласининг ўлимига куяётган Хадича кундошининг ҳолини кўриб, “Опажон!» деганча унинг ёнига югурди. У Нодирага жуда ишонар, яхши кўрарди. Ундан ҳеч қачон, ҳар қандай ҳолатда ҳам шубҳаланмасди.
Реанимация хонасидан чиқиб келган врач Шерзодга Нодиранинг ўзига келиб қолгани, бироқ яхши парвариш қилинмаса, бир ярим ойлик фарзандига зарар етишини айтди. Шерзод «фарзанд» сўзини эшитиб, титраб кетди. Нодира бўлса ичкарида хафа бўлишни ҳам, хурсанд бўлишни ҳам билмасди.

скачать dle 12.1
Добавить комментарий

Оставить комментарий