Ё ИБРАТ БЎЛАСИЗ ЁКИ ИБРАТ ОЛАСИЗ

Ё ИБРАТ БЎЛАСИЗ ЁКИ ИБРАТ ОЛАСИЗ

Бир киши бир умр ичкилик, қимор, гиёҳвандликка ружуъ қўйиб, ғайру машруъ ҳаётда яшади. Бемақсад умргузаронлиги фақат ейиш-ичиш, ўйин-кулгу, кўнгилхушлик билан ўтадиганларни ё итдай шарафсиз ўлим, ёки ҳибс кутади. Бу киши умрбод қамоққа маҳкум бўлибди.
Ортидан икки ўғли қолибди. Катта ўғил отасининг айни ҳаётида яшабди. Яъни, ўйин -кулгу, кўнгилхушлик, ичкилик, қимор, гиёҳвандлик... Хуллас, отанинг оёқ изларини босавериб охир оқибат ўзини қамоқхонада, отасига қўшни камерада кўрибди.  
Иккинчи ўғил мактабда аъло баҳоларга ўқишга ҳаракат қилибди. Университетни тамомлаб, ўз тижоратига йўқлга қўйиб, компаниясини ташкил этибди. Отаси ва акасига руҳан ўхшамаган  йигит, таниқли ишбилармон, бадавлат одамга айланибди.
Бу оиланинг ён қўшниси бўлган журналист аёл бир отадан туғилган, бир уйда яшаб, бир хил муҳитда ўсиб-улғайган икки ўғилнинг икки хил ҳаётидан ҳайратланиб, улар ҳақида мақола ёзишга аҳд қилибди.  Аввал қамоқхонага бориб, катта ўғил билан учрашиш учун изн олибди. Ўзини таништириб, гуноҳ йўлида саргардон ёшлар ва уларнинг тақдирида оиласининг таъсири хусусида туркум мақолалар тайёрлаш ниятида эканини айтибди. Катта ўғил журналистнинг "Нега бундай аҳволга тушдинг?" деган саволиган:
-  Отамни биласиз-ку! Шундай отанинг ўғлидан яна нима кутасиз?!- дея жавоб берибди.
Катта компаниянинг бош директори - иккинчи ўғилни излаб бориб, қабулига кирибди. Журналист унга ҳам ўзини таништириб, нима мақсадда келганини айтибди.
-  Оилангизни танийман, қандай тарбияланганингиз, қанақа муҳитда ўсганингизни яхши биламан. Шундай оилада туғилиб, ўсган бола қандай қилиб шундай даражага эриша олдингиз?- деган саволига, компания раҳбарининг:
-    Отамни биласиз-ку! Шундай отанинг ўғлидан яна нима кутасиз?!- деган жавоби журналистнинг ҳаётда олган энг катта сабоғи бўлибди.
Журналист мақоласини шундай сўзлар билан тугатибди:
"Ё ибрат бўласиз ёки ибрат оласиз. Ўзингиз танланг!"..

Умида Адизова
скачать dle 12.1
Добавить комментарий

Оставить комментарий